Маҳалладаги осойишта муҳит кўп жиҳатдан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни барвақт бартараф этишга боғлиқ.
Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбари Рустам Хатамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Мирзо Улуғбек туманининг “Минглола”, “Султония”, “Чимён” ва “Катта Қорасув” маҳаллаларига чиқиб, аҳоли учун хавфсиз муҳитни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ўрганишлар давомида ҳудудларда содир этилаётган жиноятлар, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва шароитлар, аҳоли ўртасида олиб борилаётган профилактик ишларнинг натижадорлиги, жиноятчиликни жиловлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Академия бошлиғи “маҳалла еттилиги” тизими вакиллари ва фаоллар билан мулоқот қилиб, оилалардаги ижтимоий-маиший муҳитга эътибор қаратди. Айрим маҳаллаларда зўравонлик, безорилик ва бошқа жиноятлар қайд этилаётгани, хавфсиз муҳитни яратиш учун муаммоларни “хонадонбай”, “фуқаробай” тизим асосида ўрганиб, ўз вақтида ҳал қилиш зарурлигини таъкидлади.
Профилактик тадбирлар орқали фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини тушунтириш, кибержиноятларнинг замонавий кўринишлари ва содир этилиш усулларидан аҳолини мунтазам огоҳ этиб бориш, ёшлар назоратсизлигининг олдини олиш борасида вазифалар белгиланди. Шунингдек маҳалла фаолларининг уяли алоқа воситаларига “APK Qo‘riqchi” иловаси юклаб берилиб, маҳаллаларда киберхавфсизлик бўйича тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ вакиллари аҳоли гавжум жойларнинг криминоген вазияти билан танишиб, жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган куч-воситалар фаолиятини ўрганди. Масъулларга “жиноят ўчоқ”лари сифатида белгиланган жойларда суткалик назоратни сусайтирмаслик, “102” рақами орқали келиб тушаётган мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдириш, маҳаллаларда хавфсизлик чораларини кучайтириш юзасидан топшириқ берилди.
Ўрганишлар якунида криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ҳар бир йўналиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, назоратга олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати