ИИВ академиясининг Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети курсантлари ўртасида кўрик-танлов ўтказилди.
Ёшларнинг касбий салоҳияти, маънавий-ахлоқий фазилатлари ва ватанпарварлик руҳини юксалтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда учта жамоа қатнашди.
Биринчи шарт “Ижодий ёндашув” деб номланган бўлса, иккинчи шартда жамоа аъзолари жанговар қуролларни қисмларга ажратиш ва йиғиш, амалий ўқ отиш ҳамда саф тайёргарлиги бўйича ўз маҳоратини кўрсатди. Учинчи шарт эса армрестлинг, эстафета (4х100 метрга югуриш), тўсинда тортилиш ва арқон тортиш беллашувларини ўзи ичига олди.
Қизиқарли ва курашларга бой ўтган кўрик-танлов якунида “Импульс Востока” жамоаси биринчи, “Мужество” жамоаси иккинчи, “Триада” жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Уларга диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Тадбир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун профессионал кадрлар тайёрлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати