ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Хитой давлатида бўлди.
Хориж сафари давомида Хитой Жамоат хавфсизлиги университети билан ҳамкорлик доирасида ўқув курси ташкил қилинди. Икки ҳафта давомида малакали мутахассислар томонидан Хитой давлатчилиги тарихи, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати, ривожланиш йўли, давлат бошқаруви тизими, ҳозирги глобал шароитда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш омиллари, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг роли, бу борада Хитой тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари ва бошқа долзарб мавзуларда машғулотлар ўтказилди.
Бундан ташқари, вакилларимиз Пекин полиция тузилмалари ва Жамоат хавфсизлиги университетида бўлиб, амалиётга татбиқ қилинган энг илғор ёндашувлар билан танишдилар. Айниқса хитойлик талабалар билан ўтказилган интеллектуал беллашувлар, маданий ва спорт тадбирлари икки мамлакат ёшлари ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Пекин шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат кўҳна Хитой тарихи, маданияти, миллий анъана ва қадриятлари ҳақидаги таассуротларни янада бойитди.
Мухтасар айтганда, ИИВ академияси ва Жамоат хавфсизлиги университети ўртасида йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик инновацион ютуқларни ўрганиш, манфаатли йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш, таълим сифати ва кадрлар салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Айни жиҳатлар ўқув курси якунлари бўйича ўтказилган учрашувда ҳам алоҳида эътироф этилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати