ИИВ академиясида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистондаги минтақавий ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида манфаатли ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган тадбирлар ва келгусидаги лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. Жаҳон миқёсида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар таъсирига тушиб қолаётган ёшлар сони кўпайиб бораётгани, инсониятга зарар етказаётган бундай иллатларга барҳам бериш учун ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Экспертларнинг фикрича, ёшлар ўртасида психотроп моддаларнинг оммалашишига уларнинг қизиқувчанлиги, тез таъсирга берилувчанлиги, ушбу иллатларнинг асоратлари ва ижтимоий-ҳуқуқий оқибатларини тушуниб етмаслиги омил бўлмоқда. Шу боис, психотроп моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар кўламини кенгайтириш, тарғиботлар таъсирчанлигини ошириш, ёшларда фаол қарши иммунитетни шакллантириш зарур.
Учрашувда мазкур йўналишга қаратилган дастурлар ҳақида маълумот берилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва таълим олувчилар учун ўқишлар ташкил қилиш, халқаро ва миллий тажрибаларни оммалаштириш, ҳамкорлик алоқаларини фаол тарзда ривожлантириш муҳимлиги айтиб ўтилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати