ИИВ академиясига Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Олмаота академияси раҳбари Калижан Кобландин бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ўзбек ва қозоқ халқларини мустаҳкам ришталар боғлаб туради. Икки қардош миллат азал-азалдан яқин ва иноқ дўст, бир-бирига елкадош қўшни бўлиб келган. Олмаота академияси вакилларининг юртимизга ташрифи ҳам ўқув даргоҳидаги “Дўстлик боғи”дан бошланди. Меҳмонларга боғнинг барпо этилиш тарихи, ҳамкорлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришдаги рамзий аҳамияти сўзлаб берилди.
Шундан сўнг делегация аъзолари ахборот-ресурс маркази, спорт мажмуаси, курсантлар турар-жойи ҳамда махсус жиҳозланган мобил транспорт воситаларини кўздан кечирдилар. Кейинги йилларда амалга оширилган улкан янгиланишлар, таълим жараёнига татбиқ қилинган энг илғор ёндашувлар, истиқболли лойиҳалар натижасида эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди. Жаҳоннинг нуфузли ташкилотлари ва турдош таълим муассасалари билан йўлга қўйилган халқаро алоқалар намойиш қилинди.
Музокаралар залида бўлиб ўтган икки томонлама учрашувда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов меҳмонларни қутлаб, давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан ўзаро муносабатларимиз юксак даражага кўтарилгани, манфаатли ҳамкорлик барча соҳаларда, шу жумладан, таълим муассасалари ўртасида ҳам изчил ривожланаётганини таъкидлади. Ўз навбатида, Олмаота академияси бошлиғи Калижан Кобландин манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш ва сифат жиҳатдан бойитиш ташрифдан кўзланган асосий мақсад эканлигини алоҳида эътироф этди. Унинг айтишича, бугунги кунда таълим ҳар бир мамлакат учун стратегик соҳалардан бирига айланди. Ўзбекистоннинг етакчи олийгоҳлари билан ўзаро интеграцияни кучайтириш кадрлар тайёрлаш жараёнига замонавий ёндашувларни кенг татбиқ қилишга хизмат қилади.
Самимий мулоқот чоғида кўплаб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Таълим муассасалари раҳбарлари илғор тажрибаларни ўрганиш ва манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга ишонч билдирдилар.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Таълим сифатини мониторинг ва назорат қилиш маркази, бакалавриат ва магистратура учун мўлжалланган ўқув бинолари ҳамда Маънавият ва маърифат маркази фаолияти билан танишдилар. Айтиш жоизки, таълимни рақамлаштириш, назария ва амалиётни таъминлаш, ички ишлар органлари учун бошқарув кадрларини тайёрлаш, ёшларнинг ватанпарварлик руҳини юксалтириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, айниқса таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган янги механизмлар делегация аъзоларининг эътирофига сазовор бўлди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати