Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Грузия ички ишлар вазири билан истиқболли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

18 Апрел 2026, 18:52

41

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги алоқалар манфаатли соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда.

Грузия ички ишлар вазири Гела Геладзе бошчилигидаги меҳмонлар юртимизга ташрифи чоғида Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлди.

Делегация аъзолари дастлаб академиянинг замонавий инфратузилмаси билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга таълим жараёнидаги инновацион ёндашувлар, мутахассислик йўналишлари, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, жиноятчилик омилларини ўрганиш, илмий салоҳиятни оширишга қаратилган механизмлар, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар учун яратилган шароитлар, академиянинг халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Шундан сўнг делегация аъзолари иштирокида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Академия раҳбари Рустам Хатамов меҳмонларни қутлаб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, ҳурмат ва азалий дўстлик руҳида мустамкамланиб бораётганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Гела Геладзе Ўзбекистоннинг фаол ва очиқ ташқи сиёсатини, мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида эришилаётган натижаларни алоҳида эътироф этди.

Шу билан бирга, академия фаолияти билан танишув жараёнида ижобий жиҳатларга гувоҳ бўлганини қайд этиб ўтди. Ўқув даргоҳининг замонавий моддий-техник базаси, ўқитишнинг ўзига хос ёндашувлари, таълим сифатини оширишга қаратилаётган эътибор тизим учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилишини таъкидлаб, кейинги йилларда амалга оширилган янгиланишларга юқори баҳо берди.

Мулоқот чоғида икки давлат турдош таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, долзарб мавзуларда қўшма ўқув курслари ва тренинглар ташкил этиш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ҳамкорликни фаол тарзда ривожлантиришга, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўзаро тажриба алмашишга, манфаатли алоқаларни ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Делегация аъзоларининг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech