Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида Хитой Халқ Республикасининг Ляньюньган ва Пекин шаҳарларида бўлди.
Хориж сафари Ляньюньган шаҳрида ташкил этилган кўргазма билан бошланди. Кўргазмада полиция тизимидаги рақамли ёндашувлар, сунъий интеллект технологиялари, учувчисиз учиш қурилмалари ва бошқа энг сўнгги технологик янгиликлар намойиш қилинди. Маҳаллий мутахассислар билан ақлли тизимларнинг имкониятлари, уларни мамлакатимиз ички ишлар органларига жорий қилиш истиқболлари, жамоат хавфсизлигини таъминлашда эришилаётган натижалар ҳақида фикр алмашилди.
Шу куннинг ўзида Жамоат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик бўйича глобал форум доирасида “Полиция таълими соҳасида ҳалқаро ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Хитой, Ўзбекистон, Россия, Саудия Арабистони, Гонконг, Камбоджа, Вьетнам ва бошқа давлатларнинг 50га яқин турдош олий таълим муассасалари раҳбарлари, 200дан ортиқ эксперт, мутахассис ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Анжуманни Хитой жамоат хавфсизлиги университети вице-президенти Лиу Донгҳуа очиб, глобал шароитда кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва устувор йўналишларига тўхталди. Халқаро анжуман манфаатли алоқаларни кенгайтириш орқали полиция таълимини модернизация қилиш, рақамли ва сунъий интеллект технологиялари асосида ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашинувини кучайтириш, кадрлар салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Конференцияда ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов “Таълим ва технологик инновациялар: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини тайёрлаш сифати ва самарадорлигини ошириш” мавзуида нутқ сўзлаб, глобаллашув шароитида юзага келаётган долзарб муаммолар ва уларнинг ечимларига эътибор қаратди. Жаҳондаги геосиёсий ўзгаришлар фонида хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солаётган янги таҳдидлар пайдо бўлаётгани, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига янгича иш услубларини жорий этиш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш жараёнларини замон талаблари даражасида трансформация қилиб бориш долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидлади. Бу борада Ўзбекистон ички ишлар органлари тизимида йўлга қўйилган тажрибалар ва академиядаги ўқитишнинг замонавий ёндашувларига тўхталди.
Шу билан бирга, анжуманда Интерпол глобал академияси директори Хорхе Файнштэйн Дей Гаcтрил, Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги Сиёсий департаменти директори Цзи Лицзюнь, Наиф араб хавфсизлик фанлари университети директори Абдулмажид бин Абдуллоҳ ал-Банян, Марокаш қироллик полиция институти раҳбари Холид Зоугари, Қирол Фаҳд номидаги Саудия Арабистони хавфсизлик коллежи раҳбари ўринбосари Наим бин Отауллоҳ ал-Жоҳаний, шунингдек Эфиопия, Россия, Хитой, Камбоджа, Гонконг, Лаос, Вьетнам давлатлари таълим муассасалари раҳбарлари ва бошқалар сўзга чиқди.
Полиция таълими соҳасида ҳалқаро ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион ёндашувларни оммалаштириш, таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашинувини кучайтириш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан муҳим таклиф ҳамда ташаббуслар илгари сурилди.
Хориж сафари давомида вакилларимиз пойтахтдаги Хайдянь туман жамоат хавфсизлиги органларининг ишларни кўриб чиқиш ва тергов қилиш маркази, шунингдек Жамоат хавфсизлиги университетининг Ахборот ва тармоқ хавфсизлиги институти ҳамда Полиция тактик тайёргарлиги ўқув маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Маҳаллий мутахассислар томонидан марказнинг замонавий имкониятлари, полиция тузилмалари учун кадрлар тайёрлаш тизими, ўқитиш технологиялари, симуляцион машғулотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Айтиш жоизки, халқаро форум доирасида делегациялар ўртасида учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. ИИВ академияси бошлиғи Р. Хатамов Хитой жамоат хавфсизлиги университети президенти Ван И, шунингдек Интерпол глобал академияси ҳамда Гонконг полиция коллежи раҳбарлари билан мулоқот қилиб, икки томонлама ҳамкорлик алоқалари истиқболларини муҳокама қилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати