ИИВ академиясида курсантларнинг касбга садоқати ва ватанпарварлик руҳини юксалтиришга қаратилган “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Тадбирда ички ишлар органлари тизимидаги янгиланишлар, халқ манфаатларига хизмат қилишнинг ўзига хос масъулияти, соҳа ходимларига шараф келтирадиган фазилатлар ҳақида фикр алмашилди.
Истеъфодаги генерал-майор Тоҳир Муллажонов ислоҳотларнинг моҳиятига тўхталиб, кейинги саккиз йил ичида рўй берган ижобий ўзгаришларни эътироф этди. Инсон қадри улуғланган юртимизда соҳа фаолияти янгича мазмун касб этаётгани, ички ишлар органлари халқимиз билан яқин ҳамкорликда ишлайдиган халқчил тузилмага айланиб бораётгани қайд этилди.
“Шунча йиллар давомида озми-кўпми тажриба тўпладим. Устоз сифатида айтишим мумкинки, аввало ҳар бирингиз фидойи бўлишингиз керак. Бу хислат билим олишингиз, касб машаққатларини енгиб, Ватанга сидқидилдан хизмат қилишингизга катта ёрдам беради. Инсонга обрў келтирадиган яна бир фазилат камтаринликдир. Чинакам халқпарвар ички ишлар ходими бўлишни мақсад қилган экансиз, билим салоҳиятингиз билан бирга, касбий маданиятингизни ҳам шакллантириб боринг”, – деди фахрий устоз.
Самимий руҳда ўтган учрашувда ўқув муассасасида яратилаётган улкан шароитлар, таълим-тарбия жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган тадбирлардан кўзланган устувор мақсадлар тушунтириб ўтилди. Курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати