Халқимиз азал-азалдан устозларнинг машаққатли меҳнати, ибратли умр йўлига юксак эҳтиром билан қарайди. Чунки инсон камолоти, жамият равнақида уларнинг беқиёс хизматлари бор.
Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан ИИВ академиясида фаолият юритаётган ходимлар фахрий устозлари ҳолидан хабар олишди.
Мўътабар устозлар хонадонида, бир пиёла чой устида ўтган учрашувларда соҳа фидойиларининг кўп йиллик меҳнатлари, ибратга арзигулик фазилатлари, бугунги авлодлар учун дастуруламал бўлиб хизмат қиладиган бой ҳаётий тажрибалари эътироф қилиниб, уларга миннатдорлик билдирилди.
Шогирдлар йўқловидан шодланган фахрийлар юртимизда ҳар бир инсонга қаратилаётган юксак эътибор, ободлик ва фаровонлик йўлида қилинаётган хайрли ишлар, таълим соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса ўқитувчи ва мураббийларга кўрсатилаётган улкан эҳтиромни мамнуният билан қайд этиб ўтишди.
Айтиш жоизки, байрам баҳонасида истеъфодаги полковниклар Иброҳимжон Маҳмудов, Нурйигит Бутунбоев, Темур Саитбаев, Евгений Пак, истеъфодаги подполковниклар Маъмура Пўлатова, Олег Запевалов, Сардор Раззоқов, Бахтиёр Зокиров ва бошқа фахрийларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга академия раҳбариятининг самимий тилаклари етказилди.
Бинобарин, устозларни эъзозлаш халқимизга хос қадрият бўлиб, бундай тадбирлар маънавий ҳаётимизда, ёшлар таълим-тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
ИИВ академияси Ахборот хизмати