Жорий йилнинг 2-ноябр куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини ҳаётга кенг татбиқ этиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилган эди.
Юртимизни янада ободонлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш йўлидаги эзгу ҳаракатга Ички ишлар вазирлиги академияси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ўқув даргоҳи бошлиғи Рустам Хатамов ташаббуси билан Академия оталиққа олган пойтахтимиздаги 121-сонли ўрта умумтаълим мактабида манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Тадбирда таълим маскани директори Ҳилола Раимбекова, фаол ва ташаббускор ўқитувчилар, ўқувчи ёшлар, маҳалла вакиллари ҳамда Академия курсантлари иштирок этди.
Акция доирасида ариқ ва йўлаклар чиқиндилардан тозаланиб, манзарали дарахт ҳамда гулларга ишлов берилди. Мактаб ҳудуди бўйлаб 30 туп қрим соснаси ва 100 туп бошқа турдаги мевали-манзарали дарахт кўчатлари экилди. Ерга қадалган бу ниҳоллар кўкка бўй чўзиб, шаҳримиз аҳолиси учун мусаффо ҳаво ва хушкайфият улашиши табиий.
– Кўчат экиб, боғ яратиш – халқимизнинг азалий қадриятларидан, – дейди мактаб директори Ҳ.Раимбекова. – “Яшил макон” лойиҳаси меҳр-оқибат, ободлик, бунёдкорлик каби фазилатларимизга ҳамоҳанглиги билан муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу кунларда Ички ишлар вазирлиги академияси кўмаги билан ўқув масканимизда улкан ҳажмдаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ҳаракатлари олиб борилмоқда. Яхши ният билан бошланган эзгу ишга барча катта иштиёқ билан ёндашаяпти.
Юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган дарахт экиш ишларини давом эттириш режалаштирилган.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати