ИИВ академияси магистратурасида ички ишлар органларида бошқарув самарадорлигини оширишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тингловчилар ва профессор-ўқитувчилар иштирокида ўтган тадбирга Ички ишлар вазирлиги Ташкилий департаменти бошлиғи, полковник Жасур Юсупов таклиф этилди.
Мулоқот тарзида ўтган тадбирда ички ишлар органлари тизимида бошқарув, назорат ва ахборот-таҳлилий фаолиятни самарали ташкил этиш, ижрочилик интизомини мустаҳкамлаш масалалари хусусида сўз борди.
Департамент раҳбари соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга тўхталиб, тизим учун юқори малакали бошқарув кадрларини тайёрлаш, раҳбарларнинг шахсий компетенцияларига қўйиладиган талабларни кучайтириш долзарб аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Таъкидланганидек, замонавий раҳбар юқори билим ва салоҳиятга эга бўлиши, стратегик фикрлаши, режали фаолият юритиши, тўғри ва тезкор қарор қабул қилиши, шахсий фазилатлари билан жамоага ўрнак бўлиши, уларни аниқ мақсад сари етаклай олиши зарур. Ички ишлар органлари фаолиятига янгича иш услублари татбиқ қилинаётган ҳозирги шароитда раҳбарларнинг ана шу мезонларга жавоб бериши муҳим омил саналади.
Давра суҳбатида ҳудудий ички ишлар органлари фаолиятини ўрганиш давомида бошқарув, назорат ва ахборот-таҳлил, ижрочилик, мурожаатлар билан ишлаш ҳамда бошқа йўналишларда йўл қўйилаётган айрим камчиликлар таҳлил қилинди. Муаммоларнинг ечимлари бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Шунингбек бошқарув кадрларини тайёрлашда илғор тажрибаларни татбиқ этиш, таълим жараёнларини такомиллаштириб бориш, раҳбарларнинг фаолият самарадорлиги кўрсаткичларини ошириш, билим ва кўникмаларини янада ривожлантириш борасида атрофлича фикр алмашилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати