Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида улуғ бобомиз, мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги кенг нишонланди.
Адабий-маърифий тадбирда адабиётшунос олимлар, ижодкорлар, турли соҳа вакиллари, талаба ёшлар, шу жумладан, Ички ишлар вазирлиги академиясида таълим олаётган курсантлар иштирок этди.
Сўз олганлар Навоийнинг ҳаёт йўли, серқирра ижоди, келгуси авлодлар учун қолдирган бой адабий-млмий мероси, шоир асарларининг юксак маънавий қиммати ва бугунги кундаги аҳамияти, буюк аждодимиз ижодини ўрганиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларга тўхталиб ўтишди.
Ҳазрат Навоий асарларига йўғрилган умумбашарий ғоялар инсониятни комилликка ундаб келаётгани, мутафаккирнинг халқ равнақи йўлида қилган эзгу амаллари бугунги авлодлар учун ибрат эканлиги таъкидланди.
Тадбир давомида шоир ғазалларидан намуналар, мумтоз қўшиқлар ижро қилинди. Навоийга улкан эҳтиром рамзи сифатида шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати