Ички ишлар вазирлиги академиясида тезкор қидирув хизмати ходимлари куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Тезкор қидирув фаолияти кафедраси ташаббуси билан ташкил қилинган учрашувда соҳа фахрийлари, амалиёт ходимлари, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар қатнашди.
Тадбирда устоз-шогирдлик анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда ёшларга билим ва бой амалий тажрибасини ўргатиб келаётган фахрийлар – Мирсамад Адилов, Шариф Аминов, Абдували Ҳамдамов ва бошқалар сўзга чиқиб, ички ишлар органлари тизимида тезкор қидирув хизматининг ўрнига алоҳида тўхталишди.
Ушбу хизмат кўп йиллик тарихга эга экани, ўзига хос ривожланиш босқичини босиб ўтгани, ички ишлар органлари тизимидаги ўзгаришларга мос равишда жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти такомиллашиб бораётгани айтиб ўтилди. Шу билан бирга, ҳар қандай соҳа сингари тезкор қидирув хизматининг ҳам ўзига яраша машаққати борлиги, ходимларнинг касбий ўсишида пухта билим ва кўникма, жанговар-жисмоний тайёргарлик билан бирга, устозларнинг бой тажрибаси муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шу куни тизимда муносиб из қолдирган катта авлод вакилларининг касб йўли, жиноятларни фош этишда кўрсатган жасорати, ибратли фазилатлари эътироф этилди. Уларнинг бой тажрибаси ва ўгитлари тизимда хизмат қилаётган ёш ходимлар, айниқса курсантлар учун катта маҳорат мактаби экани айтиб ўтилди.
Мулоқот тарзида ўтган учрашув давомида ёш авлод вакилларига амалий тавсия ва маслаҳатлар берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати