Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш тизими замонавий талаблар ва илғор ёндашувлар асосида ташкил этилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтган битирув тадбирида таълим муассасасини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга юрист малакасини берувчи дипломлар топширилди.
Ўқув даргоҳи раҳбарияти, миллий гвардия, божхона ва бошқа тузилмалар вакиллари, профессор-ўқитувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтган тадбир аввалида академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олди.
Ҳозирги таҳликали давр ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига мураккаб вазифаларни қўяётгани, замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши самарали курашиш учун соҳа ходимлари ҳар жиҳатдан профессионал бўлиши зарурлиги таъкидланди.
“Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилган. Юртимизни барқарор ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш учун жамиятимизда тинчлик-хотиржамликни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Академиядаги таълим келгусидаги фаолиятингиз ва юқори мақсадларингиз йўлида мустаҳкам таянч бўлиши керак. Ватанимиз хавфсизлигини, аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида самарали ишларни амалга ошириш зарур. Зеро, халқимиз манфаатларига хизмат қилиш барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг олий бурчидир”, - деди академия бошлиғи.
Шундан сўнг тўрт йил мобайнида сиртқи таълим йўналишида таҳсил олган битирувчилар тантанали равишда дипломларни қабул қилиб олди. Ҳамкор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг устувор йўналишларини эътироф этган ҳолда битирувчиларга муваффақият тиладилар.
Шу куни ўқиш давомида ижобий фазилатлари билан сафдошларига ўрнак бўлган тингловчиларга академия бошлиғининг фахрий ёрлиқлари топширилди. Битирувчилар она Ватанимиз олдидаги ишончни юксак шараф ва масъулият билан оқлашга ваъда бердилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати