Пойтахтимизда ўтказилган “Соғлом ҳаёт учун беш минг қадам” акциясида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, секторлар мутасаддилари, ҳарбий олий таълим муассасаларидан ташаббускор ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг беш муҳим ташаббуси доирасида аҳоли, айниқса ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш орқали уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда жисмоний фаолликни ошириш тадбирдан кўзланган асосий мақсад бўлди.
Акция иштирокчилари фаол қўллаб-қувватловчилар ва оммавий ахборот воситалари ҳамроҳлигида Миробод туманининг Ойбек кўчаси бўйлаб белгиланган масофани пиёда босиб ўтишди. Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирнинг сўнгги манзили – “Ҳумо арена” мажмуасида “Энг фаол ёш иштирокчи”, “Энг фаол кекса иштирокчи”, “Энг спортчи оила” номинациялари бўйича ғолиб бўлганлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. ИИВ қошидаги Ашула ва рақс ансамбли томонидан ташкил этилган концерт дастури эса барчага хушкайфият бағишлади.
Тадбир давомида Тошкент шаҳар ИИББ ташаббуси билан дарахт кўчатлари экилганини ҳам эътироф этиш жоиз. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида равон йўллар тарофидаги кўчалар бўйлаб мевали кўчатлар ўтқазилди. Эзгу ҳаракатда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатов, Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов, Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов ва бошқа мутасадди раҳбарлар иштирок этиб, юртимиз ободлиги йўлидаги хайрли ташаббусда ёшларни фаол бўлишга чорладилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати