Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги Ички ишлар вазирлиги академиясида муносиб нишонланмоқда.
Таълим муассасасининг Маънавият ва маърифат марказида ўтказилган байрам тадбирида Академия раҳбарияти, тизим фахрийлари ва ўқитувчи-мураббийлар иштирок этди.
Тадбир аввалида Академия жанговар байроғи олиб кирилди. Оркестр ижросида она Ватанимизнинг мангу қўшиғи – Давлат мадҳиямиз янгради.
Ўқув даргоҳи бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Ҳусниддин Давронов йиғилганларни мамлакатимиз тарихидаги шонли сана билан қизғин муборакбод этди.
Қайд қилинганидек, ўз тараққиётининг янги босқичига чиққан мамлакатимизда Конституциямизнинг аҳамияти ва ҳаётбахш қудрати тобора ортиб бормоқда. Бош Қомусимизда инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги қатъий белгилаб қўйилган. Шу маънода, Асосий Қонунимизга амал қилиш жамиятимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг масъулиятли бурчи ва вазифаси бўлмоғи керак.
Тадбир давомида она Ватанимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ягнради. Курсантлар ўз саҳна чиқишлари орқали Бош Қомусимизни мадҳ этиб, миллий ўзлигимиз, бой анъана ва қадриятларимизга юксак садоқат намуналарини намоён этдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати