Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ҚАСАМЁД – МУҚАДДАС БУРЧ, ЮКСАК ИШОНЧ

05 Сентябрь 2022, 04:09

1465

Она Ватанга садоқат билан хизмат қилиш шарафли, айни пайтда масъулиятли вазифа. Қасамёд ана шу йўлдаги мардонавор қадам, ор-номус ва ғурур тимсолидир.

Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари хизмат қасамёдини қабул қилдилар. Тантанали маросимда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, соҳа фахрийлари, турдош олий таълим муассасаларидан меҳмонлар, курсантларнинг ота-оналари ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Саф майдонига оркестр куйлари остида Академия жанговар байроғи олиб кирилди. Ўқув даргоҳи раҳбари, полковник Рустам Хатамов йиғилганларни энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик шодиёнаси билан муборакбод этди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 апрелдаги “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ички ишлар вазирлиги академиясида бакалавриат ва магистратурадан иборат икки босқичли олий таълим тизими йўлга қўйилган эди. Жорий ўқув йилида таълим муассасасининг кундузги таълим бакалавриат йўналишига уч мингдан зиёд номзод ҳужжат топширди. Ўқиш истагидаги номзодларнинг аксариятини вазирлик академик лицейлари ва ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, ишлар органи ходимлари, профилактика инспектори ёрдамчилари, шунингдек фуқаролик таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар ташкил этди. Ўтказилган махсус касбий танлов ҳамда якка тартибдаги якуний суҳбат натижаларига кўра 701 нафар ўғил-қиз Академия курсантлари сафига қабул қилинди.

Тантанали маросимда буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишни мақсад қилган навқирон йигит-қизлар ички ишлар органи ходимининг хизмат қасамёдини қабул қилдилар. Тантанали онт шарафли бурчни ҳалол бажариш, халқимиз ва Президентимизга садоқат билан хизмат қилиш, ҳар қандай синов ва машаққатларни матонат билан енгиш йўлида айтилган қатъий ишонч бўлиб янгради.

Шундан сўнг, ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўзга чиқди.

– Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири соҳа учун етук малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган. Сиз таълим олаётган ўқув даргоҳида замонавий билим ва кўникмаларни мукаммал эгаллашингиз учун барча имкониятлар яратилган. Ҳозирги мураккаб даврда ички ишлар органларида хизмат қилиш юксак касбий салоҳият, жанговар-жисмоний ва маънавий-руҳий тайёргарликни талаб этмоқда. Шундай экан, ички ишлар органларининг эртанги истиқболи Сизлар каби мард, ватанпарвар ва жасур фарзандларимизнинг ғайрат-шижоатига боғлиқ, – деди П. Бобожонов.

Тадбирда ўқишдаги ютуқлари ва ижобий фазилатлари билан тенгдошларига намуна кўрсатган бир гуруҳ курсантлар “Жалолиддин Мангуберди” номидаги стипендия ҳамда ички ишлар вазирининг стипендияси билан тақдирланди.

– Мен ички ишлар органи ходими бўлишни болалигимдан орзу қиламан, – дейди қасамёд қабул қилган Динорахон Дониёрова. – Мақсадимга эришиш йўлида астойдил ўқидим, спорт билан мунтазам шуғулландим. Ўтган йиллар мобайнида таэквондо WTF бўйича икки карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритдим. Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр ёшлари сафида турар эканман, касбий билим ва кўникмаларни мукаммал эгаллашга, халқаро ареналарда мамлакатимиз байроғини янада юқори кўтаришга ваъда бераман.

Тантанали маросимда сўз олган Сайёра Саидазимова фарзандининг жасур йигит-қизлар сафида қасамёд қилиб, порлоқ келажак сари муносиб қадам ташлаганидан бахтиёрлигини фахр-ифтихор билан эътироф этди. Сафда турган курсантлар давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлигини шараф билан оқлашларига ишонч билдирди.

Тадбир она юртимизни мадҳ этувчи қўшиқ билан якунланди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech