Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадбирда қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов ва академия бошлиғи Рустам Хатамов сўзга чиқиб, мазкур меморандум қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, парламент назорати жараёнларини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар.
Шу куни томонлар жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини кучайтириш, ҳудудларда аҳоли муаммоларини ўрганиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, қонунчилик жараёнларини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш ва бошқа долзарб йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Мазкур фаолиятни самарали ташкил этиш учун етакчи эскпертлар, мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар иштирокида ишчи гуруҳлар ташкил этиш, биргаликда тадқиқотлар ва экспертлик фаолиятини амалга ошириш, ҳамкорлик натижаларини мунтазам равишда таҳлил ва муҳокама қилиб бориш механизми йўлга қўйилиши айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, ҳамкорлик меморандуми асосида 2026-2027 йилларда амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар бўйича “йўл харита” ҳам имзоланди.
Тадбир якунида икки томонлама ҳамкорлик парламент фаолияти самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсадларни изчил ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилиши қайд этилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати