ИИВ академиясида буюк давлат арбоби ва саркарда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди.
Ўзбек тили ва хорижий тиллар кафедраси ташаббуси билан ташкил қилинган тадбирда профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, курсантлар йиғилди.
Сўзга чиққанлар Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни, кучли марказлашган давлат барпо этиш йўлидаги фаолияти, ҳарбий стратегияси, сиёсий-ижтимоий қарашлари, ўз даври илм-фани ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида маъруза қилди.
Ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ғурур ва тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашда “Темур тузуклари” асари ғоят қимматли манба эканлиги, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда буюк аждодимизнинг тарихий меросини чуқур ўрганиш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбирда Амир Темур ва темурийлар даврида ички ва ташқи сиёсат, илм-фан, маданият, бунёкорлик ишлари, салтанатни бошқариш тамойиллари, саркарданинг жаҳон сивилизациясида тутган ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати