Ички ишлар вазирлигининг жойлардаги академик лицейларида ҳудудий ички ишлар органларининг йўл-патруль, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда патруль-пост хизмати ходимлари иштирокида ўқув йиғинлари ташкил этилди.
Соҳа ходимларининг касбий тайёргарлиги ва муомала маданиятини юксалтириш, фуқаролар билан мулоқотга киришишда масъулиятини янада ошириш мақсадида ташкил этилган машғулотлар ИИВ Академияси, Малака ошириш институти ҳамда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг малакали психологлари томонидан олиб борилди.
Сайёр машғулотларда ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилиб, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш, хизмат пайтида фуқаролар билан психологик алоқа ўрнатиш, стрессли вазиятларда ўзини бошқариш, оммавий ахборот воситалари ва блоггерлар биш ишлаш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кўникмалари мустаҳкамланди. Бундан ташқари, ходимларнинг хизмат фаолиятида юзага келаётган муаммолар таҳлил қилиниб, стресс ва агрессив ҳолатларни енгиллаштириш ҳамда психологик билимларни оширишга йўналтирилган тренинглар ўтказилди.
ИИВ Академияси Психологик таъминлаш маркази бош психологи, подполковник Илҳом Калоновнинг айтишича, ишчи гуруҳ томонидан жорий йилнинг 4 ноябрига қадар республикамизнинг барча минтақаларида ўқув йиғинларини ташкил этилиб, ходимларга сертификатлар топширилади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати