Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги “Янги Буюк Турон” нодавлат таълим муассасаси ўқувчилари Ёшлар куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академияси меҳмони бўлишди.
“Очиқ эшиклар куни” давомида уларга таълим муассасасининг мақсад ва вазифалари, бугунги кундаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўқувчилар масканда яратилган замонавий шарт-шароитлар, хусусан, ўқув хоналари, саф майдони, амалий машғулотлар ҳамда жанговар ва жисмоний тайёргарлик дарслари ўтказиладиган мажмуалар, курсантларнинг овқатланиш ва яшаш шароитлари билан танишдилар.
Бой адабиётлар фондига эга ахборот-ресурс маркази, ўқув тезкор-тергов гуруҳлари учун мўлжалланган махсус транспорт воситалари, буюк аждодларимиз меросини тарғиб қилиш мақсадида барпо қилинган синфхоналар, Академия тарихи музейидан жой олган экспонатлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир сўнггида очиқ мулоқот ташкил қилинди. Ўқувчилар академия фаолиятига бағишланган видеороликни томоша қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати