Президентимиз ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни ёшлар иштирокида ўтказилаётган тадбирлар ёшларга оид давлат сиёсатининг изчиллигини таъминламоқда.
Ички ишлар вазирлиги академиясида ташкил этилган навбатдаги учрашувга Юқори Чирчиқ туманининг “Кавардон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган уюшмаган ёшлар ҳамда 3-сон умумтаълим мактаби ўқувчилари таклиф қилинди.
Мулоқот олдидан улар ўқув даргоҳи ҳаёти билан яқиндан танишдилар. Ахборот-ресурс маркази, саф майдони, ўқув хоналари, Маънавият ва маърифат маркази, спорт мажмуаси ва бошқа масканларда бўлиб, таълим олувчилар учун яратилган замонавий шароитларни кўздан кечирдилар.
Ёшларга академия фаолиятида рўй бераётган кенг қамровли ўзгаришлар, ўқитишнинг илғор ёндашувлари, мутахассислик йўналишлари, дуал таълим тизимининг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек ўқишга кириш имтиҳонлари, ички ишлар органи ходими бўлиш истагидаги номзодлар учун белгиланган мезонлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг академия бошлиғи ахборот-ресурс марказида ёшлар билан учрашди. Мулоқотда ёш авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни, улар учун яратилаётган улкан имкониятлар, Янги Ўзбекистон ёшлари олдида турган устувор вазифалар хусусида сўз борди.
Таълим муассасаси раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг асосий йўналишларига тўхталди. Президентимизнинг ёшларга қаратаётган доимий эътибор ва ғамхўрлиги уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, эртанги кунга ишончини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин топишида кўмаклашишда мустаҳкам пойдевор бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда ёшларнинг муаммолари, таклиф ва истаклари тингланди. Келажак авлодларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларни касб-ҳунар ва олий таълимга йўналтириш, жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш, ташаббускор ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш бугунги ислоҳотлар даврининг долзарб талаби эканлиги айтиб ўтилди.
Шу куни ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан керакли маслаҳат ва тавсиялар олдилар. Академия бошлиғи Янги Ўзбекистон ёшлари юксак билим ва салоҳиятга эга, ватанпарвар, фидойи бўлиши зарурлигини таъкидлаб, барча ёшларни эсдалик совғалари билан рағбатлантирди.
Бундан ташқари, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида армрестлинг, шахмат-шашка ва арқон тортиш бўйича мусобақалар ўтказилиб, спортсевар ёшлар саралаб олинди. “Ҳаёт академияси” фильмининг намойиши келажак сари тўғри йўл танлашда қийналаётган ёшларга катта мотивация берди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати