12–17 январь кунлари ИИВ академиясида Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби билан ҳамкорликда ўқув курси ташкил қилинди.
Маълумки, давлат органлари тизимида ахборот-таҳлил ишининг самарали йўлга қўйилгани ислоҳотлар натижадорлигини таъминлайди. Магистратура тингловчилари учун ташкил қилинган ўқув курси ҳам ички ишлар органларида ахборот-таҳлил фаолиятини такомиллаштириш, раҳбар кадрларнинг салоҳиятини оширишга қаратилди.
Бир ҳафталик ўқув курси давомида олий мактабнинг етук салоҳиятли профессор-ўқитувчилари томонидан ахборот-таҳлил ишини самарали ташкил этиш, ахборот-таҳлилий ҳужжатлар тайёрлашнинг талаблари, ахборот-таҳлил фаолиятида интернет имкониятларидан фойдаланиш, ахборот ва сунъий интеллект технологиялари ёрдамида кўргазмали маълумотларни таҳлил қилиш каби йўналишларда интерфаол машғулотлар ўтказилди.
“Ташкилий-стратегик бошқарув” ва “ташкилий-тактик бошқарув” мутахассислик йўналиши тингловчилари ахборот-таҳлил фаолиятини замонавий ёндашувлар асосида олиб бориш, ахборотни йиғиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш, шу асосда стратегик қарорлар қабул қилиш бўйича зарур билим ҳамда кўникмаларга эга бўлдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати