Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ХИТОЙ ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИ УНИВЕРСИТЕТИ ВАКИЛЛАРИГА СЕРТИФИКАТЛАР ТОПШИРИЛДИ

07 Октябрь 2024, 05:10

254

ИИВ академиясида Хитой Жамоат хавфсизлиги университети талабалари учун ташкил қилинган ўқув курси якунланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда академия бошлиғи Рустам Хатамов ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети профессори Ли Цзин бошчилигидаги талабалар иштирок этди.

Айтиш жоизки, икки томонлама ҳамкорлик меморандуми доирасида ташкил қилинган мазкур ўқув курси ўзаро тажриба алмашинувини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Дастурга биноан, академиянинг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан турли мавзуларга бағишланган интерфаол машғулотлар ўтказилди. Талабалар Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари, шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ, Самарқанд вилояти ИИБ ва Тошкент вилояти ИИББда бўлиб, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш фаолиятидаги илғор ёндашувлар, ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишдилар.

Бундан ташқари, меҳмонларни юртимизнинг бой тарихи ва туризм салоҳияти билан таништириш мақсадида пойтахтимиз ҳамда Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар, турли маданий тадбирлар ва спорт мусобақалари ташкил қилинди.

Тадбирда академия бошлиғи сўз олиб, ўқув курслари Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги кўп асрлик ришталар ва бугунги кунда янги замон руҳи билан жадал ривожланиб бораётган муносабатларнинг амалий ифодаси бўлганини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида, Жамоат хавфсизлиги университети делегацияси раҳбари Ли Цзин Ўзбекистонга ташриф таассуротларга бой ўтганини мамнуният билан эътироф этди.

“Биз нафақат тажриба алмашдик, балки халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар кўп асрлардан буён муштарак боғланганига амин бўлдик. Академия фаолияти билан таниниш асносида таълимнинг инновацион ёндашувлари кенг жорий қилингани, курсантлар учун замонавий шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдим. Талабаларимиз улкан салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилардан таълим олишди. Бунинг учун университетимиз номидан академия раҳбариятига алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Ишончим комилки, таълим муассасаларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстлик алоқалари янада равнақ топади”, - деди у.

Тадбир сўнггида университет вакилларига сертификатлар топширилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech