Юқори касбий тайёргарлик – ички ишлар органи ходими учун муҳим аҳамият касб этади. Бу эса жисмоний-жанговар кўникмаларни мунтазам равишда такомиллаштириб боришни талаб этади.
Бугун тизимда айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ички ишлар вазирлигининг тегишли меъёрий ҳужжатлари асосида шахсий таркибнинг хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлиги ҳамда спорт билан шуғулланиши учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган.
ИИВ Академиясида ходимларнинг касбий, жанговар, жисмоний ва ахлоқий-психологик тайёргарлик даражасини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ҳафтанинг белгиланган кунлари олиб борилаётган машғулотларга Жанговар ва жисмоний кафедрасидан малакали мураббийлар бириктирилган. Машғулотларда спорт машқлари билан бирга, жанговар ва психологик шайлик, шахсий ҳимоя усуллари ва махсус воситаларни қўллаш кўникмалари шакллантириб борилади.
Бундан ташқари, ходимларнинг антропометрик кўрсаткичлари мунтазам равишда таҳлил қилиниб, семизлик даражаси ва вазн индексини камайтириш орқали саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча машғулотлар ўтказилмоқда. Жамоада соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида “Спорт тарғиботчиси” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ходимлар иш вақтидан сўнг югуриш, сузиш, кураш, дзю-до, самбо ва жанговар самбо, футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, оғир атлетика сингари спорт турлари билан шуғулланишмоқда.
Бобур ДАДАЖОНОВ,
ИИВ Академияси Кадрлар
бўлими бошлиғи, подполковник.