Ички ишлар вазирлиги академиясида таниқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби Тоҳир Малик хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ижод аҳли вакиллари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, адибнинг ҳамкасб дўстлари ва курсантлар иштирок этган кечада севимли ёзувчимиз асарларининг тарбиявий жиҳатлари хусусида сўз борди.
Тоҳир Малик ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан бири эди. У кўплаб ҳикоя, қисса ва романлар яратди, баракали ижоди билан халқимиз кўнглидан жой олди. Айниқса, ўзбек маърифатпарвар зиёлиларининг мураккаб ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тарихий асарлари катта тарбиявий аҳамиятга эга. Одамийлик, меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ, андиша, яхшилик қилиш, поклик сингари халқимизга хос қадриятлар адиб ижодининг улуғ ғоялари саналади. Шу боис, унинг асарлари китобхонлар томонидан севиб мутолаа қилиб келиняпти.
Тадбирда адабиётшунос Шеркон Қодирий, Тўлқин Сайдалиев, Ҳасан Абдураззоқов, Ёрқинжон Одилов ва бошқалар сўз олиб, адиб қаламга олган мавзуларнинг ғоявий аҳамияти, бадиий қиммати, адабиётимиз ривожидаги салмоқли ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар билдиришди. Тоҳир Малик ўгитларидан парчалар айтилди.
Шу куни “Тоҳир Малик замондошлари хотирасида” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 2000 нусхада чоп этилган мазкур тўпламда ёзувчининг дўстлари, ҳамкасблари, шогирдларининг Тоҳир Малик ҳаёти, ижоди ва фазилатлари ҳақида ҳикоя қилувчи хотиралари ўрин олган. “Замондошлар эътирофи”, “Замондошлар хотираси”, “Адиб билан суҳбатлар” рукнлари остида ҳавола қилинган ёдномалар китобсевар мухлислар учун чинакам туҳфа бўлгани, шубҳасиз.
Маънавий-маърифий тадбир Абдулла Қодирий ва Тоҳир Малик асарларининг кўргазмаси билан давом этди.
ИИВ Академияси Ахзорот хизмати