“Маънавият ойлиги” муносабати билан ИИВ Академияси курсантлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 январдаги қарорига биноан, “Заковат” интеллектуал ўйинини оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш орқали ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, иқтидорли ўғил-қизларларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилган беллашувда кундузги таълим ўқув курсларидан жами 77 та жамоа қатнашди.
Интеллектуал ўйин ҳакамлари томонидан уларга 24 та савол йўлланди. Айниқса “Миранда қоидаси”, айбсизлик презумпциясининг тарихи, таниқли қозоқ адиби асарида тасвирланган Орол фожеаси, ирландиялик йўловчилар, чодирсиз ҳалок бўлган инглиз аскарлари, америкалик актёр Ричард Дрейфус авайлаган буюм ҳақидаги саволлар қизғин мунозараларни юзага келтирди.
– Ақлий ўйинлар билимли ёшларни саралаб олишга имкон беради, – дейди 112-гуруҳ курсанти Раъногул Амирқулова. – Тенгдошларим билан “Фемида” жамоаси таркибида қатнашдим. Гарчи, совриндорлар қаторидан жой олмаган бўлсакда, кучли ўнталикка киришга муваффақ бўлдик. Кейинги ўйинларда бундан яхши натижаларни қайд этишга ҳаракат қиламиз.
Беллашув якунида 103-гуруҳнинг “Пирамида” жамоаси биринчи ўринни, 205-гуруҳнинг “Интеллект” жамоаси иккинчи ўринни ва 211-гуруҳнинг “Иқтидорлилар” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати