22 ноябрь куни ИИВ Академиясида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш департаменти вакиллари иштирокида вебинар маъруза бўлиб ўтди.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори кўмаги билан ташкил этилган машғулотда ихтисослик кафедралари профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этди.
Машғулотни ЕХҲТнинг Трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш департаменти Полиция фаолияти бўйича стратегик масалалар гуруҳи эксперти жаноб Саша Струп очди. Хорижлик мутахассис “Тезкор таҳлилий маълумотларга асосланган ҳолда полиция фаолиятини ташкил этиш, мавжуд таҳдидларни аниқлаш ва бартараф қилиш” мавзуида маъруза қилиб, полициянинг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини тезкор маълумотлар билан таъминлаш, ахборот манбаларидан самарали фойдаланиш усуллари, маълумотни қайта ишлаш ва таҳлил қилишда қўлланилаётган тажрибалар хусусида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Эстония полиция ва давлат чегараларини қўриқлаш бошқармасининг Гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи жаноб Райт Пикаро ўз маърузаси билан чиқиш қилди. Эксперт ўз мамлакати тажрибаси қиёсида гиёҳвандлик воситаларининг ноқоқонуний айланмасига қарши курашиш ва уюшган жиноятчиликнинг олдини олишда рақамли ахборот тизимларининг афзалликлари, замонавий технологиялар имкониятидан фойдаланган ҳолда бу турдаги жиноятларни фош этиш, “ILD модели” миллий тизимининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида нутқ сўзлади.
Тадбир сўнггида экспертлар томонидан машғулот самимий мулоқот руҳида ўтгани, халқаро ва миллий мутахассислар ўртасида илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга шароит яратгани эътироф этилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати