ИИВ Академиясида давлат байроғимиз қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Муқаддасдир Ватан байроғи!” мавзуида ташкил этилган тадбирда таниқли олима Жамила Шермуҳаммедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Мирзо Карим, Анваржон Нишонов ва бошқалар сўз олиб, байроғимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятига тўхталиб ўтдилар.
– Аждодларимиз юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар, – деди Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Махфират Зикирова. – Мустақил давлатимиз байроғида халқимизнинг асрий орзу-истаклари мужассам. Муқаддас тимсолимиз миллий ўзлигимиз, анъана ва қадриятларимиз, мустақиллигимизни ўзида ифода этган ифтихор рамзидир.
Маърифий тадбирда она Ватанимиз, бетакрор байроғимизни мадҳ этувчи шеърлар, куй-қўшиқлар янгради.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати