Тошкент давлат юридик университетининг бир гуруҳ талабалари ИИВ Академияси таълим жараёнлари билан танишдилар.
Тадбир икки томонлама ҳамкорлик меморандумида назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш, юридик таълим соҳасида ўзаро тажриба тажриба алмашиш, соҳа учун юқори малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилди.
Академия фаолияти билан танишув чоғида талабалар таълим тизими, ихтисослик йўналишлари, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга йўналтирилган ёндашувлар, халқаро тажрибаларни ўрганиш, курсантларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш, уларнинг касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида тасаввурга эга бўлишди. Шундан сўнг Криминалистик полигон базасида ўғирлик жинояти ва йўл-транспорт ҳодисаларини тергов қилиш бўйича амалий машғулот ўтказилди.
Тергов фаолияти кафедраси бошлиғи ўринбосари, подполковник Мурод Ботаевнинг таъкидлашича, ўқитишнинг инновацион услубларини оммалаштириш замонавий таълимнинг энг муҳим мезонларидан бири саналади. Бу борада Тошкент давлат юридик университети билан самарали ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани кадрлар салоҳиятини ошириш билан бир қаторда, юридик фанларни ривожлантиришга қаратилган илмий-тадқиқотлар натижаларини амалиётга кенг татбиқ этишда мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати