Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЮНЕСКО БИЛАН ҲАМКОРЛИК ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ

08 Май 2024, 07:05

502

7 май куни Ички ишлар вазирлиги академиясида ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида ҳамкорликнинг бугунги ва истиқболдаги йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Таълим муассасаси раҳбари Рустам Хатамов мартабали меҳмонни қутлаб, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Айтиш жоизки, ЮНЕСКО Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузли ташкилотларидан бири саналади. Унинг мақсади таълим, фан, маданият, туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир. Бугунги кунда жаҳоннинг 200 га яқин давлати, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам ЮНЕСКО аъзоси ҳисобланади. Бундан ташқари, 400 дан ортиқ халқаро ноҳукумат ташкилотлар ва жамғармалар, халқаро ва ҳудудий бирлашмалар ЮНЕСКО билан ҳамкорлик қилади.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Келгуси йилда халқаро ташкилот Бош конференцияси 43-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказишга қарор қилингани ҳам муносабатларнинг янада ривожланиб бораётганидан дадолат беради.

Учрашув давомида ЮНЕСКО ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади самимий мулоқот учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, айниқса ахборот ва матбуот эркинлигини кучайтириш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини мустаҳкамлаш, давлат идоралари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш борасидаги ўзгаришларни юқори баҳолади.

Шу куни томонларни қизиқтирган кўплаб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, ЮНЕСКО кўмаги билан медиасаводхонлик ва ахборотдан фойдаланиш кўникмаларини оширишга қаратилган тренинглар ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва таълим олувчилар учун ўқув-услубий материаллар тайёрлаш, таълим жараёнига истиқболли лойиҳалар ва гранд маблағларини жалб қилиш, ИИВ академияси ҳамда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш юзасидан муҳим таклифлар илгари сурилди.

Академия раҳбари ЮНЕСКОнинг фаол ташаббус ва саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган ҳолда ўзаро муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech