Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Юксак дахлдорлик ва масъулият – ислоҳотлар талаби

02 Июнь 2025, 05:06

146

ИИВ академиясида Сиртқи таълим факультети тингловчиларининг битирув маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда таълим муассасаси раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, Миллий гвардия қўмондонлиги, Божхона қўмитаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида давлат мадҳиямиз янгради. Академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида халқимиз манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталди.

Инсон қадрини улуғлаш, одамларни рози қилиш, халқимизнинг осойишта ва фаровон ҳаётини таъминлаш барча давлат органлари фаолиятининг асосий мезони эканлиги, жамиятимизда кечаётган янгиланишлар юксак дахлдорлик ва масъулият ҳисси билан яшашга даъват этаётгани таъкидланди.  

Тадбирда маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган илчил ислоҳотлар ҳам алоҳида қайд этилди. Ҳудудларнинг криминоген вазияти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича самарали тизимнинг йўлга қўйилгани ижобий натижа бераётгани айтилди.

Академия бошлиғи битирувчилар олдида турган долзарб вазифаларга тўхталиб, йиғилганларни қизғин муборакбод этди. Шундан сўнг ўқишни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга “юрист” малакасини берувчи димломлар тантанали равишда топширилди.

Тадбирда, шунингдек ҳамкор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар вакиллари ҳам сўз олиб, академияда йўлга қўйилган замонавий таълим жараёнлари, юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган илғор ёндашувлар, улкан ўзгаришларни эътироф этдилар.

– Сафдошларим номидан, аввало, таълим берган устозларимга самимий миннатдорлик билдираман. Ўқув даргоҳида олган билим ва кўникмаларимиз келгуси фаолиятимизда мустаҳкам таянч бўлиши, шубҳасиз. Мутахассислик дипломини қўлга оларканман, она Ватанимиз ва халқимиз олдидаги масъулият янада ортганини ҳис қилдим, – деди Шаҳноза Шералиева.

Тадбир бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан ижро қилинган “Ватан посбонлари” қўшиғи билан якунланди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech