Қозоғистоннинг Оқмола вилоятида қўл жанги бўйича жаҳон чемпиони Руслан Муқанов хотирасига бағишлаб XVI халқаро турнир ташкил этилди.
30 октябрь – 2 ноябрь кунлари бўлиб ўтган мусобақада Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалари ва улар таркибидаги ўқув муассасаларидан 150 нафарга яқин маҳоратли қўл жанги усталари қатнашди.
Халқаро турнирда мамлакатимиз шарафини Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари ҳимоя қилди. Қизғин беллашувлар давомида ёшларимиздан Абдурауф Каримжонов (52 кг), Олимжон Қаршибоев (62 кг), Элмурат Намазбаев (73 кг) барча рақибларини мағлуб этган бўлса, яна бир иқтидорли спортчимиз Муродилла Абдураҳмонов (80 кг) учинчи ўрин билан кифояланди.
Мусобақа якунида умумжамоа ҳисобида ғолиблик мезбонларга, иккинчи ўрин ИИВ академиясига, учинчи ўрин эса Тожикистон вакилларига насиб этди. Совриндорлар турнир ташкилотчилари томонидан муносиб тақдирланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати