Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ёшлар тарбиясига барчамиз масъул

15 Сентябрь 2023, 07:09

993

Янгиланаётган Ўзбекистонда ёшлар келажаги билан боғлиқ масалалар устувор вазифага айланган. Бу борадаги изчил ислоҳотлар самараси ёш авлодни баркамол шахслар этиб тарбиялаш, уларнинг эзгу мақсадларини рўёбга чиқаришда намоён бўлмоқда.

ИИВ Академиясида айни долзарб масалага бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда курсантлар билан амалга оширилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш, уларни етук профессионал кадрлар этиб тайёрлаш, таълим-тарбия жараёнида хизмат ва қонунийликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ўқув даргоҳи раҳбари кейинги йилларда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилиб, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг таъсирчан механизмлари татбиқ қилинганини эътироф этди. Бироқ ҳозирги мураккаб шароитда бу борадаги ишлар натижадорлигини янада ошириш долзарб аҳамият касб этаётгани айтиб ўтилди.

– Ёшлар тарбиясига барчамиз масъулмиз, – деди Академия бошлиғи Рустам Хатамов. – Курсантларга замонавий билим бериш билан бир қаторда, уларнинг мақсад ва интилишлари, муаммоларини ўрганиш, мустақил ҳаётга қадам қўйишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш кечиктириб бўлмас вазифадир. Бу масалага ҳеч биримизнинг бефарқ муносабатда бўлишга ҳаққимиз йўқ.

Йиғилишда саф қисми фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликлар ва курсантлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар аҳволи муҳокама қилинди.

– Бугунги шиддатли замонда ёшлар тарбиясига эскича қарашлар билан ёндашиб бўлмайди. Тарбияга, энг аввало, ёшлар қалбига йўл топиш, уларнинг онгу тафаккурини маънавий озиқлантириш орқали эришилади. Бунинг учун ҳар биримиз юксак касбий ва ахлоқий фазилатларимиз билан уларга ўрнак бўлишимиз, ёш авлодни эзгу ва бунёдкор мақсадлар сари руҳлантира олишимиз керак, – деди ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг таълим муассасалари бўйича бўлими бошлиғи Ўткир Қосимов.

Йиғилиш сўнггида саф қисми ўқув курслари вакиллари, факультет бошлиқлари ҳамда тарбиявий ишларни ташкил этишга масъул ходимларга бир қатор муҳим вазифалар берилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech