Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ёшлар фаоллиги ҳар қачонгидан муҳим

04 Март 2024, 09:03

823

Илм-маърифатли ёшлар жамият тараққиётини ҳаракатга келтирувчи асосий кучдир. Бунинг учун уларни баркамол шахс этиб тарбиялаш, эзгу мақсадлар сари руҳлантириш лозим.

Ана шу йўлда Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан янги ташаббусга қўл урилди. “Иқтидорли ёшлар” тарғибот гуруҳи ташкил қилиниб, курсантларнинг ўзлари вояга етган маҳаллалар ва илк сабоқ олган таълим масканларида тарғибот-ташвиқот учрашувларини ўтказишлари йўлга қўйилди.

Сир эмаски, юртимизда ёшлар билан манзилли ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар келажагимиз ворисларининг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Ватан – улуғ, бурч – муқаддас!” концептуал ғояси асосида ўтказилаётган тарғибот тадбирларидан кўзланган устувор мақсад ҳам шу. Юртимизнинг турли ҳудудлари, айниқса олис қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган ёшларнинг юртга дахлдорлик туйғусини ошириш, уларда қонунларга ҳурмат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш, мамлакатимизда ёшлар манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва устувор йўналишларини тарғиб қилиш орқали уларни замонавий билим ва касбларни эгаллашга йўналтиришдир.

– Тарғибот тадбирларига иқтидорли курсант ёшларимизни жалб қилганимиз бежиз эмас. Уларнинг ўз келажак мақсадлари йўлида ташлаётган дадил қадамлари, эришаётган ютуқлари тенгдошларига катта мотивация беради. Чунки бугунги кунда ёшлар фаоллиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим мезонга айланди, – дейди ИИВ академияси Ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи Тўлқин Маматқулов.

Айтиш жоизки, шу кунгача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 365 маротаба тарғибот тадбири ташкил қилинди. Учрашувларга маҳалла ёшлари, идоравий академик лицей ва ўрта таълим мактаблари ўқувчилари қамраб олинди. Ёшлар миллатимиз, эртанги кунимизнинг давомчилари экан, уларни она Ватанмиз ва халқимизга садоқат руҳида тарбиялаш бугунги мураккаб даврда ҳаётий заруратдир.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech