Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЁШЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ

09 Сентябрь 2022, 08:09

994

Муҳтарам Президентимиз мустақиллик байрамининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимда “Янги Ўзбекистонни барпо этишда азму шижоатли ёшларимизни халқимизнинг чинакам таянчи ва суянчи, деб биламиз”, дея алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, юртимиз ёшларига эътибор ва ғамхўрлик бугун ҳар қачонгидан ҳам устувор вазифага айланган. Келажагимиз ворисларининг ўқиб-изланиши, замонавий билимларни чуқур эгаллаши, жамиятнинг фаол аъзоси сифатида мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиши учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Зеро, улар эртанги кунимиз пойдевори, орзу-умидларимиз давомчиларидир.

Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтган учрашув ёшлар таълим-тарбияси йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланди. Очиқ мулоқотда Академия раҳбари, полковник Рустам Хатамов, кундузги таълимнинг бакалавриат йўналиши биринчи босқичига қабул қилинган курсантлар, ўқув-саф қисми офицерлари ҳамда ёшлар масалаларига масъул ходимлар иштирок этди.

– Академияда ўқишни орзу қилган йигит-қизлар кўп. Шулар орасидан билим салоҳияти юқори, маънан баркамол, жисмонан бақувват ва иродаси чиниққан ёшлар ўқишга кириш имконига эга бўлади. Сизлар ҳам келажак мақсадингиз сари машаққатли йўлни босиб ўтдингиз. Имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, курсантлар сафига қабул қилиндингиз. Бу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда билим ва кўникмаларни пухта эгаллашингиз керак, – деди ўқув даргоҳи раҳбари.

Мулоқот давомида курсантлар ўзлари таълим олаётган масканда яратилган замонавий шарт-шароитлар, ўқитишнинг янги механизмлари, айниқса фаол ва изланувчан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзлар ҳақида зарур маълумотга эга бўлишди. Мамлакатимиз ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси хизмат қасамёдини қабул қилган курсантларнинг билим салоҳияти, ўз касбига бўлган улкан садоқати, она Ватанимиз тақдири учун жонкуярлигига боғлиқ экани таъкидлаб ўтилди.

– Инсоннинг шахс сифатида шаклланишида оиладаги тарбия, устозларидан олган сабоқ ва юксак маънавий фазилатлар мустаҳкам асос бўлади. Сизлар ҳозирданоқ ана шу мақсад сари интилишингиз лозим. Шунда муҳтарам Президентимизнинг ишончини оқлаган бўласиз, – деди Академия бошлиғи.

 Тадбирда ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жанговар-жисмоний тайёргарлигини ошириш борасида муҳим вазифалар белгилаб олинди​. Курсантлар сўзга чиқиб, яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдирдилар.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати    

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech