Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Янги қарорнинг устувор аҳамиятига бағишланди

30 Январь 2023, 05:01

881

ИИВ Академиясида давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-10-сон қарори юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Таълим муассасаси раҳбарияти, шахсий таркиб аъзолари иштирок этган йиғилишда мамлакатимиз ички ишлар органларидаги изчил ислоҳотлар йўлида қабул қилинган мазкур қарорнинг мақсади ва мазмун-моҳияти атрофлича шарҳланди.

Айтиш жоизки, мазкур қарор билан соҳа ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси, ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментининг низоми, шунингдек ички ишлар органларида кадрлар салоҳияти даражасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабраб олган “йўл харитаси” тасдиқланди.

Тадбирда кафедра бошлиғи, полковник Сирочжон Бердиқулов сўз олиб, ушбу қарор Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор мақсад ва вазифаларини амалга ошириш, ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштириш орқали тизимнинг халқчил фаолиятини таъминлаш, жамиятда қонун устуворлиги ва тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Қайд этилганидек, янги кодексда белгиланган қоида ва талабларга амал қилиш ички ишлар органлари ҳар бир ходимининг хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланади. Ушбу қоида ва талабларга амал қилмаслик ёки уларни қўпол равишда бузиш эса ходимни тизимдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш учун асос бўлади.

Эндиликда ички ишлар органларида хизматга қабул қилиш бўйича номзодларни танлашнинг адолатли, холис ва шаффоф тизимини яратилади. Маънавий-маърифий ишлар “таълим муассасасидан – хизматнинг охирига қадар” тамойили асосида тизимли ва узлуксиз ташкил этилиб, истиқболли ёш раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришнинг янги тизими жорий қилинади.

Вазирлик қошидаги академик лицейлар битирувчилари учун ИИВ Академияси кундузги таълим бакалавриатининг “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ва “тезкор-қидирув фаолияти” йўналишларида тўлов-контракт асосида ўқиш имконияти яратилади. Бунда ҳудудий ички ишлар органларининг эҳтиёжини инобатга олган ҳолда 200 нафаргача қўшимча қабул квотаси ташкил этилади. Шунингдек Академияда ички ишлар органлари таълим ва ўқув муассасаларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари амалга оширилади.

Йиғилишда юқоридаги қарорнинг барча муҳим жиҳатлари шахсий таркибга етказилди. Ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech