Ёшлар қалбида миллий руҳ, она Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Буюк аждодларимизнинг ҳаёт йўли бу борада чинакам ибрат ва тарбия мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ИИВ Академиясида “Янги Ўзбекистон Тўмарислари” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Жамоат хавфсизлиги университети ва Божхона институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мазкур олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган курсантлар ўзаро беллашишди.
Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси доирасида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қизларнинг таълим олиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни учун етук билимли, ватарпарвар, жасур ва фидойи ёшларни камол топтириш тадбирнинг асосий мақсади бўлди.
Кўрик-танлов иштирокчилари уч шарт бўйича ўз иқтидорларини намоён этишди. Жамоаларнинг чиқиши ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан баҳолаб борилди. Қизиқарли савол-жавоб ва саҳна кўринишларига бой тарзда ўтган кўрик-танлов якунида ИИВ Академияси курсантлари “Энг креатив жамоа”, Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари “Энг ижодкор жамоа”, Божхона институти курсантлари эса “Энг зукко жамоа” номинациясига сазовор бўлди.
Тақдирлаш маросимида Академия раҳбари Рустам Хатамов сўз олиб, таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юртимиз ёшларини улуғвор мақсадлар сари бирлаштиришда устувор аҳамият касб этаётганини алоҳида эътироф қилди.
Кўрик-танлов иштирокчиларига диплом ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди. Шу куни Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ИИВ Академияси курсантлари ўртасида ўтказилган мусобақа ғолиблари ҳам муносиб тақдирланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати