Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Янги Ўзбекистон ёшлари – мамлакатимиз таянчи

19 Июн 2026, 15:12

70

Ёшлар куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи таълим муассасасини тамомлаётган курсантлар билан учрашди.

Тадбир катта ҳаёт остонасида турган битирувчиларни янги марралар сари руҳлантириш, улар қалбида эртанги кунга ишонч ва дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш, билим ва иқтидори билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёшларни рағбатлантириш мақсадида ташкил қилинди.

Академия бошлиғи битирувчиларни муборакбод этиб, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар замирида ёшларнинг бугуни ва келажак тақдири турганини алоҳида таъкидлади.

Кейинги йилларда ўқув даргоҳида кенг қамровли янгиланишлар амалга оширилиб, курсантларнинг замонавий таълим олиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, танлаган касбининг юқори малакали мутахассиси бўлиб етишиши учун барча имкониятлар яратилгани, ўз олдига улкан мақсадлар қўйган ёшлар илм-фан, IT технологиялар, спорт ва бошқа соҳаларда муносиб ютуқларга эришиб, Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам таянчига айланиб бораётганини эътироф этди.

Ўқув даргоҳи раҳбари битирувчиларни мамлакатимизда кечаётган жараёнларда янада фаол бўлишга, чинакам халқпарвар ички ишлар ходими сифатида она Ватанимиз ва халқимизга чексиз садоқат билан хизмат қилишга, бурч ва масъулиятни англаган ҳолда давлатимизнинг юксак ишончини муносиб оқлашга даъват этди.

Шу куни ўқиш даврида ўзининг интилиши, танлаган касбига садоқати, фидойилиги ва ташаббускорлигини намоён этган бир гуруҳ курсантлар фахрий ёрлиқ билан рағбатлантирилди. Битирувчилар сўзга чиқиб, бор билим ва салоҳиятларини мамлакатимиз рақнақи йўлида сафарбар этишга ваъда бердилар.

Тадбир сўнггида таниқли санъаткорлар ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштирокида галаконцерт уюштирилиб, ёшларга кўтаринки кайфият улашилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech