Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ички ишлар вазирлиги академиясида таълим олаётган магистрлар билан мулоқот қилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг рақамли келажаги ва барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
Вазир бутун дунёда бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам рақамли технологияларнинг роли кундан-кунга ошиб бораётгани, кейинги йилларда мазкур соҳани ривожлантиришга мамлакат тараққиётининг стратегик йўналиши сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шунингдек, давлат органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб, ушбу йўналишда қилинаётган кенг қамровли ишларни келтириб ўтди.
Очиқ мулоқотда рақамлаштиришнинг афзаллик жиҳатлари, самарадорлик омиллари, дунёдаги илғор тажрибалар, шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсадлар, стратегия доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, рақамли трансформация жараёнлари хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, тадбирда ички ишлар органлари тизимида ахборот технологиялари ва сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Рақамли технологиялар вазири мазкур йўналишдаги энг муҳим вазифалар бўйича ўз таклифларини билдирди.
Учрашувдан сўнг Шерзод Шерматов академия бошлиғи Рустам Хатамов ҳамроҳлигида магистратура фаолияти билан яқиндан танишди. Вазирга бошқарув кадрлари тайёрлашнинг асосий йўналишлари, таълим жараёнидаги инновацион ёндашувлар, тингловчилар учун яратилган шароитлар сўзлаб берилди.
Таълим сифатини назорат ва мониторинг қилиш марказида “Smart akademiya” интеграллашган ахборот-таълим платформаси ҳамда таълимни рақамлаштиришнинг ҳозирги ҳолати тақдимот қилинди. Рақамли технологиялар вазири мазкур йўналишдаги янгиланишларни эътироф этаркан, ўзаро тажриба алмашиш ва фаолиятни ривожлантиришда кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати