Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда “Янги нафас” югуриш мусобақаси ўтказилди.
Оммавий спорт тадбири Енгил атлетика федерацияси, шунингдек, Ёшлар сиёсати ва спорт, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, “Асака банк” акциядорлик тижорат банки ҳамда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилди.
“Humo Arena” майдонидан старт олган мусобақада иштирокчилар 3 ва 10 километр масофага югурдилар. Ғолиблар эркаклар ва аёллар ўртасида 18–35 ёш, 35–55 ёш ва ундан катта ёш тоифалари бўйича аниқланди.
Кўтаринки руҳда ўтган мусобақада Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари ҳам совриндорлар қаторидан жой олишди. Жумладан, 3 километрга югуриш бўйича эркаклар ўртасида Файзулло Ҳабибуллаев 2-ўринни эгаллаган бўлса, аёллар ўртасида Рисолат Ўктамова 1-ўринни, Ўғилхон Бекмирзаева 2-ўринга сазовор бўлди. 10 километр масофада эса Акмал Салаев эркаклар ўртасида ғолибликни қўлга киритган бўлса, аёллар ўртасида 1-ўрин Ирода Бекмирзаевага, 2-ўрин Муяссар Кушмуродовага, 3-ўрин Машҳура Саидқуловага насиб этди.
Мусобақа якунида совринли ўрин соҳиблари пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, энг ёш ва кекса иштирокчиларга ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати