Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Янги авлод кадрлари шарафли хизматга йўл олди

22 Июнь 2024, 07:06

1001

Ватанни севиш, уни кўз қорачиғидек асраш – аждодлар ва келажак авлод олдидаги муқаддас бурч. Бугун юртимизда мана шу бурчга содиқ ўғил-қизлар, Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар ёшлари камол топмоқда.

Ички ишлар вазирлиги академияси битирувчилари шарафли хизматга йўл олиш олдидан пойтахтимиздаги “ЖАР” стадионида саф тортдилар. Ёш лейтенантларга диплом топшириш маросимига бағишланган тадбирда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, қатор давлат органларидан меҳмонлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов йиғилганларни тарихий сана билан қизғин қутлади. Шундан сўнг битирувчиларга тантанали равишда дипломлар топширилди.  

Битирув тадбирида ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов нутқ сўзлаб, инсон қадри улуғланган юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар, ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталди. Кейинги йилларда соҳа учун кадрлар тайёрлаш жараёнлари ҳам тубдан ислоҳ қилингани, академияда йўлга қўйилган илғор ёндашувлар янги авлод ички ишлар ходимларини тайёрлашда муҳим омил бўлаётгани айтилди.

Муҳтарам Президентимиз тизимдаги ислоҳотлар тақдирини юксак малакали, замонавий фикрлайдиган, ўз касбига, Ватанимиз ва халқимизга содиқ кадрлар белгилаб беради, дея алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Сизлар ватанпарварлик, билим ва тафаккур, шижоат ва мардликда буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиб, ички ишлар органи ходими деган шарафли номга лойиқ бўлишингиз керак,  –  деди Пўлат Бобожонов.

Битирувчиларни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ҳам табриклади. “Янги Ўзбекистонни халқпарвар ижтимоий давлат сифатида равнақ топтириш, жамиятда инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш барча соҳалар қатори, ички ишлар органларига ҳам улкан масъулият юклайди. Бу эса сизлар каби билимли, шижоатли, ўз Ватанини севадиган ва унга дахлдорлик билан яшайдиган кадрларга боғлиқ. Юрт равнақи йўлида хизмат қилишдан асло чарчаманг”, деди у.      

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,  Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов сўз олар экан, шундай деди: “Бугунги тадбирда битирувчиларимиздан бахтли инсон йўқ. Чунки улар Янги Ўзбекистоннинг янги ички ишлар органи ходилари сифатида хизматга қадам қўймоқда. Ёшларимиз билан суҳбат қуриб амин бўлдимки, уларнинг келажак мақсадлари улкан. Ишончим комил, бугун кўзлари ёниб турган ўғил-қизларимиздан генераллар, олимлар, академиклар етишиб чиқади. Ёшларга қарата учта тилакни айтган бўлардим: аввало ватанпарвар бўлинг, Конституция ва қонунларни ҳурмат қилинг, иккинчидан, соҳангизнинг етук мутахассиси бўлинг, учинчидан, хорижий йиллар чуқур ўрганиб, жаҳондаги илғор тажрибалардан бохабар бўлиб юринг. Шунда мақсадингизга албатта эришасиз”.

Тантанали тадбирда ёшларнинг бугуни ва келажак тақдири йўлида яратилаётган улкан имкониятлар, фидойи ва ташаббускор ёшлар қўлга киритаётган ютуқлар эътироф этилди. Битирувчилар чинакам халқпарвар ходим сифатида она Ватанимиз ва халқимизга юксак садоқат билан хизмат қилиши зарурлиги таъкидланди.

– Ўғлим Шуҳратжоннинг ўзи орзу қилган ўқув даргоҳини муваффақиятли тамомлагани ёшларга берилаётган юксак эътиборнинг самарасидир. Юрт осойишталигини асраш, халқимиз тинчлигини таъминлаш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш ички ишлар ходимларининг шарафли бурчи саналади. Адолат, поклик, фидойилик битирувчиларимизнинг ҳаёт мезони бўлсин, ана шундай жасур ўғил-қизларимиз билан бутун халқимиз фахрланиб юрсин, – деди ота-оналар номида сўзга чиққан Наргиз Чиналиева.

Байрамона ўтган тадбир она юртимизни мадҳ этувчи қўшиқлар билан кўтаринки руҳда якунланди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech