Ички ишлар вазирлиги академиясида Хотин-қизлар байрами муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга таълим-тарбия жараёнларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи профессор-ўқитувчилар, шарафли касби билан жамиятда ўрнак бўлаётган аёл ходималар ҳамда маҳалла фаоллари таклиф этилди.
Байрам тадбири аввалида академия раҳбари Рустам Хатамов сўз олиб, жамоа аъзоларига самимий тилакларини етказди.
Дарҳақиқат, онадек мўътабар зотни улуғлаш, аёлларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, қизларни баркамол вояга етказиш халқимизнинг энг олийжаноб қадриятларидан саналади. Кейинги йилларда муҳтарам Президентимизнинг эътибори билан аёлларнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 40 дан ортиқ муҳим концептуал ҳужжат ва қонун қабул қилинди.
Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳам икки юз нафарга яқин хотин-қизлар самарали меҳнат қилмоқда. Профессор-ўқитувчилардан 10 нафари фан доктори, 31 нафари фан номзоди ва фалсафа доктори илмий даражасига эга. Уларнинг 15 нафари доцент, 7 нафари профессор илмий унвонларига сазовор бўлишган.
– Ўқув даргоҳимизнинг ҳар бир ютуғида ёшлар таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнатини аямаётган муҳтарама устозларимиз, азиз опа-сингилларимизнинг муносиб ўрни борлигини алоҳида эътироф этаман. Сизларнинг ғайрат-шижоатингиз, тафаккур ва тажрибангиз Янги Ўзбекистонимиз равнақи учун беқиёс таянч бўлиши, шубҳасиз, – деди академия бошлиғи.
Байрам тадбирида фаол ва ташаббускор хотин-қизлар Ички ишлар вазирлигининг идоравий мукофотлари билан тақдирланди. Таниқли санъаткорлар ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг баҳорни, аёлларни, оналарни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати