Жамиятда маънавий муҳитни қарор топтириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда хотин-қизларнинг ўрни катта.
Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан ИИВ Академиясида хизмат қилаётган аёл ходималар ўртасида мусобақа ўтказилди. “Янги Ўзбекистоннинг фидойи хотин-қизлари” шиори остида ташкил этилган тадбирда 50 нафардан ортиқ хотин-қизлар қатнашди. Мусобақа иштирокчилари волейбол, стол тенниси, шашка, “Макаров” пистолетини қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда мерганлик бўйича ўзаро беллашдилар.
Қизиқарли баҳслар якунида энг кўп очко жамғарган ходимларга ғолиблик насиб этди. Жумладан, Жиноят-ижроия ҳуқуқи кафедраси кабинет бошлиғи, катта лейтенант Феруза Халилова стол теннисидан, Тарбиявий ишларни ташкил этиш бўлими инспектори, лейтенант Севара Орзиқулова шашкадан ғолибликни қўлга киритди. Котибият катта иш юритувчиси, сафдор Гулнора Мирзаева жанговар қуролни қисмларга ажратиш ва йиғишда энг яхши натижа қайд этган бўлса, нишонни аниқ мўлжалга олиш бўйича Таҳририй-ноширлик бўлими бош муҳаррири, подполковник Ирина Солохина ҳаммадан кўп очко жамғарди. Мусобақа низомига асосан, фақат волейбол баҳсларида фахрли учта ўрин соҳиблари аниқланди.
Ғолиб ва совриндорлар байрам муносабати билан ўтказилган тадбирда диплом ҳамда қимматбаҳо совғаларни қўлга киритишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати