Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Хотин-қизлар ҳуқуқларига бағишланди

06 Декабрь 2023, 06:12

670

ИИВ Академиясида хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва оилавий зўравонликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Касаба уюшмалари федерацияси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ҳамда олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган конференция очилишида академия бошлиғи ўринбосари Руфтулло Нигматов сўз олди.

Таъкидлаб ўтилганидек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда амалга оширилган изчил ислоҳотлар гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлашга қаратилган миллий қонунчилик тизими такомиллаштириб борилмоқда. 

Илмий-амалий конференцияда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти шўба мудири Дилшод Чиниев, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева, ИИВ Академияси профессори Қумринисо Абдурасулова ва бошқалар сўзга чиқди.

Соҳа вакилларининг “Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашда миллий тажриба”, “Хотин-қизларнинг ижтимоий масалаларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш ва оила масалалари”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг виктимологик чоралари”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси”, “Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш: муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари” мавзуларидаги маърузаси тингланди.

Гендер тенгликка эришишда барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда давлат ва фуқаролик институтларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech