Ички ишлар вазирлиги академиясида “Аёли қадрли юртнинг келажаги буюкдир” мавзуида учрашув бўлиб ўтди. Ўқув-саф қисми ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда маънавият тарғиботчилари, ҳакамлик судлари вакиллари, қизлар отряди офицерлари ҳамда курсантлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, юртимизда хотин-қизларнинг таълим олиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса сўнгги йилларда илм-маърифатли қизлар сафини кенгайтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли чора-тадбирлар қилинди.
Учрашувда сўз олганлар жамият равнақида хотин-қизларнинг ўрни, қизлар камолотининг маънавий-ахлоқий ва тарбиявий-психологик жиҳатлари, маънан ва жисмонан баркамол авлодни вояга етказишда оила ҳамда маҳалладаги соғлом муҳитнинг таъсири, аёллар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш омиллари хусусида ўз мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек курсант қизларга ҳакамлик судларининг асосий вазифалари ва афзалликлари, бу турдаги судлар томонидан кўрилаётган ишлар, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар жараёнида ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбирнинг бадиий қисми мушоира ва маданий чиқишларга бой бўлди. Она юртимизни мадҳ этувчи шеърлар барчага хушнуд кайфият улашди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати