Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Ички ишлар вазирлиги академиясида семинар-тренинг ташкил қилинди.
Профессор-ўқитувчилар иштирок этган машғулотда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, улар томонидан содир қилинган қилмишларни тергов қилиш, бу борада халқаро ва миллий нормаларнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунлари ёш авлод таълим-тарбиясини тўғри ташкил этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Семинар-тренингда халқаро мутахассислар томонидан ёшлар билан ишлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, айниқса “оила – маҳалла – таълим муассасаси” институтининг самарали йўлга қўйилгани эътироф этилди. Соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасида масъул органлар ҳамкорлигини кучайтириш борасида муҳоҳазалар билдирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати