ИИВ академиясида Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA)га аъзо таълим муассасаларининг эксперт-криминалистлари учун ўқув курси ташкил этилди.
Шу муносабат билан академия бошлиғи Рустам Хатамов Туркия, Венгрия, Саудия Арабистони, Мальдив ва Мўғулистон давлатларидан келган делегация аъзоларини қабул қилди.
Учрашувда ташкилотга аъзо таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий натижалари ва истиқболлари ҳақида сўз борди. Академия бошлиғи жаҳон геосиёсий майдонида глобал тенденциялар ўзгараётган ҳозирги мураккаб шароитда кўп қиррали алоқаларни янада кенгайтириш томонлар манфаатига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Бу борада Интерпа таълим интеграциясини кучайтириш ва янги босқичга олиб чиқишда муҳим платформага айланиб бораётгани, галдаги ўқув курси профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга жорий этишда долзарб аҳамият касб этишини айтиб ўтди.
Шу куни меҳмонлар академия фаолиятини ўрганиш мақсадида Ахборот-ресурс маркази, Магистратура ўқув биноси, Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети, Таълим сифатини мониторинг ва назорат қилиш маркази, Маънавият ва маърифат маркази, спорт мажмуаси ҳамда бошқа масканларда бўлишди. Дуал таълим имкониятларини кенгайтириш мақсадида йўлга қўйилган ўқув тезкор-тергов гуруҳлари ҳамда криминалистик лабораториялар учун мўлжалланган махсус транспорт воситаларини кўздан кечиришди.
Таълим жараёнидаги кенг қамровли ислоҳотлар, амалиётга жорий қилинган илғор ёндашувлар, профессор-ўқитувчилар ва тингловчи-курсантлар учун яратилган замонавий шароитлар хорижий давлатлар вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бирга, меҳмонлар буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий мероси асосида ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этишди.
Айтиш жоизки, 27 март кунига қадар давом этадиган ўқув курси доирасида тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан долзарб мавзуларга бағишланган машғулотлар ўтказилади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати