Ички ишлар органларида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими йўлга қўйилган.
Ана шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги академиясида комиссия ташкил этилган бўлиб, ходимлар билан якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали муаммоларини ўрганиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, ходимларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш, яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 400 нафардан зиёд ходимнинг оилавий шароити ўрганилиб, зарур ижтимоий ҳимоя кўрсатилди. Бундан ташқари, профилактик суҳбатлар жараёнида ходимларга билим ва касбий кўникмаларни мунтазам ошириб бориш, хизмат қасамёди ва бурчини сўзсиз бажариш, хизматдан ташқари пайтда жамоат тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тавсиялар берилди.
“Ходимбай” ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган бундай тадбирлар шахсий таркиб ўртасида қонунийлик ва хизмат интизомини мустаҳкамлашга, турли коррупцион ҳолатларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилмоқда.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати