Аввал хабар қилинганидек, айни кунларда Хитой Жамоат хавфсизлиги университети талабалари ИИВ академиясида таълим олмоқда.
Ҳамкорлик дастурига биноан, хитойлик ёшлар учун маданий-маърифий тадбирлар уюштириш, уларни мамлакатимизнинг бой тарихи ва туризм салоҳияти билан таништириш, ўзаро тажриба алмашинувига қаратилган турли тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.
Куни кеча юртимиз меҳмонлари пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбони, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ғалаба боғи ҳамда Ҳазрати Имом мажмуасига саёҳат қилдилар. Тадбир чоғида юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, жаҳон цивилизациясидан жой олган тарихий сиймоларимиз, уларнинг бой илмий-маънавий мероси, халқимизга хос миллий қадрият ва анъаналар ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, университет талабалари Тошкент вилоятига сафар қилиб, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси фаолияти билан танишдилар. Тизимга жорий қилинган инновацион ёндашувлар, сайёҳлар учун яратилаётган замонавий шарт-шароитлар, ички ишлар ходимларининг кундалик фаолияти хитойлик ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўқув курси давомида талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада академия спорт мажмуасида уюштирилган мусобақаларни айтиб ўтиш жоиз. Мини футбол, волейбол, шахмат-шашка, стол тенниси бўйича ташкил этилган баҳслар икки мамлакат ёшлари ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати